ЭРТАНГИ АВЛОД ҚАНДАЙ КОНТЕНТНИ ҚАБУЛ ҚИЛАДИ?

Ахборот оқимининг тезлиги, интернет ва рақамли технологияларнинг жадал ривожи инсоният ҳаётини мутлақо янги босқичга олиб чиқди, яъни бугун дунё кескин ўзгаришлар даврини бошдан кечирмоқда. Ҳар бир миллатнинг маънавий ва ахборий макони кўп жиҳатдан “контент” тушунчаси орқали белгиланмоқда. ижтимоий тармоқлар, телевидение, рақамли платформа ва янгиликлар сайтлари миллатнинг маънавий кўзгуси, халқнинг фикр дунёси ва ёшларнинг қадриятлар омбори сифатида хизмат қилмоқда. Шу боис, миллий контент масаласи оддийгина ахборот оқими эмас, балки жамиятнинг эртанги кунини белгилайдиган стратегик ресурсга айланиб улгурди.

Шундай бир шароитда миллий контент яратиш ва уни кенг оммага етказиш масаласи нафақат журналистлар, балки бутун жамият олдида долзарб вазифа сифатида турибди. Зеро, миллий контент халқнинг маданий хотираси, маънавий илдизи ва миллий ўзлигининг рақамли аксидир. Миллий контентнинг фойдаси тўрт асосий йўналишда кўринади:
Маънавий — халқни ўз илдизига боғлайди. Аждодларимиз меросини замонавий тилга ўгириб, ёшлар онгига сингдиради. Масалан, “Алпомиш” эпоси замонавий комикс ёки аниме тарзида қайта ишлаб чиқилса, ёшлар миллий қаҳрамонни янада яқинроқ ҳис қилади ҳамда қайтадан кашф этади.
Ижтимоий — бирдамликни кучайтиради. Миллий контент кўпинча умумхалқ муҳокамаси ва фахрига айланади. Масалан, биргина “Маҳаллада дув-дув гап” фильми бугун ҳам жамиятни бирлаштирувчи тимсоллардан бири бўлиб қолмоқда. Реклама роликларида замонавий образларда қайта жонлантирилганда ўзгача руҳда томоша қилишимиз сир эмас.
Тарбиявий — миллий контент ёшларга ҳам, катталарга ҳам қадриятларни сингдиради. У эртакларда ҳалоллик ва меҳрни, фильмларда эса ватанпарварлик ва масъулиятни кўрсатади. Шундай қилиб, миллий контент ҳар бир авлодга ўзига хос таъсирчан тарбия мактаби бўлиб хизмат қилади.
Иқтисодий — сифатли контент экспорт қилинадиган маҳсулотга айланади. Бугун турк сериаллари дунё бўйлаб миллионлаб томошабин йиғаётган бўлса, биз ҳам миллий руҳни сақлаган, аммо замонавий шаклда ишлаб чиқарилган фильм ва қўшиқлар билан жаҳон бозорига чиқишимиз мумкин. Миллий контент масаласи долзарб бўлса-да, биз ҳали бу йўлда кўплаб тўсиқлар билан юзма-юз турибмиз.

Биринчи навбатда, кўпчилик ижодкорлар ва контент ишлаб чиқарувчилар миллийлик тушунчасини фақат анъанавий кийим, қўшиқ ёки миллий таомлар билан чеклаб қўяди. Аслида эса миллий контент миллатнинг дунёқараши, қадрияти, турмуш тарзи ва ижтимоий муаммоларини ҳам ифодалаб бера олиши керак.
Иккинчи муаммо — сифат ва профессионаллик. Кўп ҳолларда миллий контент деб тақдим этилаётган маҳсулотларда замонавий технологиялар, дизайн ва креатив ёндашув етишмайди. Натижада у на ёш авлодни, на халқаро аудиторияни ўзига жалб қила олади. Оқибатда эса миллий контент истеъмолчиси уни эмас, четдан келаётган хорижий маҳсулотларни танлашни афзал кўради.
Учинчи масала — тижоратлашувнинг пастлиги. Кўплаб миллий лойиҳалар яхши ғояга эга бўлса-да, уларни монетизация қилиш механизмлари ишлаб чиқилмаган. Натижада ижодкорлар моддий қўллаб-қувватловсиз қолиб кетади, лойиҳалар эса бир неча қадамдан кейин тўхтаб қолади. Миллий контент нафақат маданий, балки иқтисодий куч ҳам бўлиши лозим.
Тўртинчидан, миллий контентнинг кўплаб шакллари рақобатбардош бўлиши учун мос тилларга таржима қилиниши шарт. Бироқ бугунги кунда бу соҳада камчиликлар мавжуд. Кўп ҳолларда миллий маҳсулотлар фақат ички аудитория учун мўлжалланган бўлиб халқаро томошабинга ўзимизни танитиш учун глобал мулоқот тилига мослашиш зарур.
Шунингдек, миллий контентни яратишда ички цензура, стереотиплар ва сунъий тўсиқлар ҳам муаммолар қаторига киради. Ҳар бир лойиҳа фақат “тасдиқланган” қолип асосида эмас, балки эркин ижодий ёндашув воситасида яратилиши керак. Зеро, ҳақиқий миллийлик табиийлик, самимият ва замонавийлик билан уйғунлашган ҳолда томошабинга етиб боради. 
Афсуски, бугунги кунда ёшларимиз орасида кўпроқ хорижий маҳсулотлар оммабоп. Турк сериаллари, корейс драмалари, Ғарб поп маданияти ва чет эл блогерлари ҳаёт тарзи ёшларимиз дунёқарашига тобора чуқурроқ сингиб бормоқда. Натижада улар аста-секин миллий қадрият ва анъаналардан узоқлашмоқда, она тилининг мавқеи рақамли муҳитда етарлича кучли бўла олмаяпти. Бу эса жамиятимизнинг ахборий қарамлиги хавфини туғдиради.