Педагогик тадқиқотлар: ҳамкорлик ва янгича ёндашувлар таҳлил этилди
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти билан ҳамкорликда "Педагогик тадқиқотлар: ҳамкорлик ва янгича ёндашувлар" мавзусида илмий-амалий учрашув бўлиб ўтди.
Унда магистрлар, ёш тадқиқотчилар, педагогика ва психология соҳаси олимлари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда таълим соҳасини тубдан ислоҳ этиш, бу йўналишда илғор илмий изланишлар олиб бориш, ўқитиш жараёнига илғор педагогик технологияларни кенг жорий этиш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда.
– Бугун педагогика соҳасида кўплаб илмий изланишлар олиб борилмоқда, – деди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўзбек тилини ўқитиш методологияси кафедрасининг мудири Саодат Муҳамедова. – Педагогика соҳасида самарали илмий тадқиқот олиб бориш учун устоз педагог олимлар билан узвий ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этади.
– Она тилимизга бўлган эътибор менда аввало, шеърлар, достонлар мутолаа этиш натижасида шаклланган, – деди Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти директори, академик, педагогика фанлари доктори Холбой Ибрагимов. – Бугун изланиш олиб бориш истагидаги ёшларимиз она тилимизга бўлган ҳурмат фарзанд тарбиясида ғоят муҳимлигини ёдда сақлашлари керак. Қийинчиликларни енгиш йўллари ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ. Педагогика соҳасида, тил ўргатиш йўналишида илмий тадқиқот олиб борувчи ёш олимлар ўз олдига қўйган мақсад сари оғишмай, дадил ва қатъият билан ҳаракат қилишлари керак, деб ҳисоблайман. Тўғри, бугунги кунда педагогика соҳасига илғор таълим методикалари фаол жорий этилмоқда. Лекин таълим энг аввало, миллий тарбияга асосланмоғи керак.
Илмий-маърифий мулоқот давомида илмий иш бошлаш арафасидаги ёш тадқиқотчилар ва олимларга мавзу юзасидан қимматли маслаҳатлар берилди. Олимларнинг мавзу юзасидан маърузалари мулоқот иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Устоз педагоглар ёшларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.
Назокат Усмонова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА